Тўра СУЛАЙМОН

Чаман ичинда бир гул, гул бир ён, чаман бир ён.
Сарви, санобармидир? – Соч бир ён, суман бир ён.

Саҳар, субҳи содиқда мушк бир ён, мужгон бир ён.
Тун пардасин тортса гар ой бир ён, осмон бир ён.

Ўсган боғига алқов, ўстирган боғбонига,
Хавфу хатардан сақлай келган соябонига,

Андалиб қўнар, зоғлар қўнолмас бўстонига.
Мақтовига мен бир ён,
борлиқ сухандон бир ён.

Бу оламда Ой танҳо, муборак Қуёш танҳо,
Бўйқизларнинг ичинда бир шу эгма қош танҳо.

Унингдек ҳеч ким менга бўлмаса сирдош танҳо,
Гўрўғли султон бир ён, Тўра Сулаймон бир ён.

*    *   *   *   *   *   *   *   *   *   *

ОМОН МАТЧОН


Очил, эй гул, гул вақтинг бўлди,
Уйғон, эй дил, дил вақтинг бўлди.

Етар минг бир кеча эртага,
Тонг сирларин бил, вақтинг бўлди.

Ўз ҳаққини билмаган қулдир,
Шукр этган ҳам қул, вақтинг бўлди.

Номинг азиз, ўзингга бек бўл,
Эл бўл энди, эл вақтинг бўлди.

Огоҳ этар соатсиз қисмат,
Ҳаракатинг қил, вақтинг бўлди.

Тилни қутқар тиллар бандидан,
Тилга киргин, тил вақтинг бўлди.

Ўзбекистон, фалак буржига
Юрагингни ил, вақтинг бўлди.

* * *

Ўртамизда биргина олма –
Олам ичра юмалоқ илинж.
Ўртамизда биргина олма –
Балки ғам у ё балки севинч.

Ўртамизда биргина олма,
Ярми қизил, ярми оч-яшил.
Ҳаё туғёнидан қизил у,
У соғинчнинг рамзидир асил.

Ўртамизда биргина олма,
Бармоқ учи тегса товланар.
Алвон иффат, яшил ташналик
Бир сенга, бир менга довланар.

Ўртамизда биргина олма,
Гард тегмаган, бирам покиза.
Ҳозирча у рангин бир ҳавас,
Лаб тегса бошланар мўъжиза…


0
 .